Наманган Гиннесс рекордлар китобига киритилди
Наманган Гиннесс рекордлар китобига киритилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти «Бир ой давомида жамоавий тарзда энг кўп гул экиш» йўналиши бўйича жаҳон рекордини ўрнатиб, Гиннесс рекордлар китобига киритилди.
Guinness World Records махсус сертификати Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга 65-халқаро Гуллар фестивалининг тантанали очилиш маросимида топширилди. Ҳужжатни ташкилот вакили Шейда Субаши тақдим этди.
Маросимда таъкидланишича, фестивалга тайёргарлик доирасида ўтган йили вилоятда 100 миллион туп гул кўчати экилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 150 миллионга етказилган. Бу эса ҳудудга жаҳон рекордини ўрнатиш имконини берди.
Фестиваль бу йил 50 кун давом этади. Илк бор уни ташкил этишда вилоятнинг барча 754 та маҳалласи иштирок этди. Тайёргарлик жараёнида уйлар, кўчалар ва жамоат жойлари гуллар билан безатилди, маҳаллалар ўртасида эса «Энг гуллаган ва обод маҳалла» танлови ташкил қилинди.
Фестивалнинг тантанали очилиши 24 май куни бўлиб ўтди. Наманган халқаро аэропортидан гуллар билан безатилган автомобиллар анъанавий паради бошланди. Кортеж шаҳарнинг марказий кўчалари орқали Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғигача йўл олди.
Тадбирларда дипломатик корпус вакиллари, хорижий компаниялар, инвесторлар, маданият ва санъат намояндалари, сайёҳлар ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этмоқда.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, фестиваль доирасида 150 дан ортиқ халқаро, республика ва маҳаллий тадбирлар, жумладан маданий, спорт ва туристик дастурлар ўтказилиши режалаштирилган.
Асосий гул композициялари Бобур боғи, «Афсоналар водийси» тематик боғи ва 60 гектар майдонни эгаллаган «Янги Ўзбекистон» боғи ҳудудида жойлаштирилган.
Вилоят туманларида ҳам мавзули тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Чустда «Ош сайли», Пап туманида «Лаванда фестивали» ва Мингбулоқда янги «Патир фестивали» ўтказилмоқда.
Ташкилотчилар баҳосига кўра, 2026 йилда фестивалга 1 миллиондан ортиқ хорижий ва қарийб 8 миллион маҳаллий сайёҳ ташриф буюради. Фестиваль 12 июлга қадар давом этади.