Валюта курслари 08/05/2025
$1 – 12910.15
UZS – -0.11%
€1 – 14660.77
UZS – 0.27%
₽1 – 159.78
UZS – -0.1%
Қидириш
Ўзбекистон 16/04/2025 Андижон тараққиёти диққат марказида: Президент вилоятнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди

Андижон тараққиёти диққат марказида: Президент вилоятнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Андижонда ҳавас қилса арзигулик ўзгаришлар бўлаётганини қайд этди.

"Кеча вилоятдаги ишлар билан танишдим, оддий одамлар билан гаплашдим. Ишонч билан айтишим мумкинки, бу заминда Янги Ўзбекистон шукуҳи ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб улгурган. Бу – ислоҳотларимизнинг энг катта натижаси, десак, тўғри бўлади", - деди давлатимиз раҳбари.

Андижон ҳамма соҳада ислоҳотлар ижросига астойдил киришиб, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришларни тез олиб кираётган ҳудудлардан бири экани таъкидланди.

Ўтган йили вилоятда 4 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлади, 51 та корхона кичикдан ўрта тоифага ўтди, 13 таси йириклашди. Бир йилда 450 минг аҳоли ишли бўлди.

Вилоятда 1,5 миллион квадрат метр турар жой ва 850 минг квадрат метр нотурар объектлар қад кўтарди. Бунинг ҳисобига ўтган йили савдо ва хизматлар 13 фоизга, саноат 7,5 фоизга ошди.

"Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Одамлар ҳар куни изланиб, янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқаяпти, олдимизга катта-катта масалаларни қўймоқда", - деди Президент.

Шуни ҳисобга олиб, вилоятга қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилиши айтилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 16 та шаҳар ва туман ҳокимлари аҳоли ва тадбиркорларни ҳар куни эшитиб, ҳозирги суръатни сақлаб қолиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

"Дунёдаги бугунги иқтисодий тебранишлар шароитида ҳар бир ҳоким фавқулодда масъулият олиши лозим", - деди давлатимиз раҳбари.

Сўнгги саккиз йилда Андижонда дастгоҳсозлик саноати 20 карра ўсгани қайд этилди.

"Кеча ярмаркада кўрдим. Вилоятда бу борада катта мактаб шаклланиб улгурди, янги корхона қиламан, деган тадбиркорлар ҳам кўп. Лекин икки йилда вилоятга четдан 1 миллиард долларлик асбоб-ускуналар импорт қилинган. Уларни ишлаб чиқаришни қанча тез ўзлаштирсак, иқтисодиётни янги технологик босқичга ўтказишда энг муҳим қадам бўлади",- деди давлатимиз раҳбари.

Масалан, Булоқбошидаги “Молекуляр кимё” корхонаси республикада ягона бўлган бўяш дастгоҳларини ишлаб чиқаришни бошлаган. Мутасаддилар яна 10-15 та шундай тадбиркорни топиб, уларга шароит қилиб берса, вазият мутлақо ўзгариши таъкидланди.

Афсуски, бундай тадбиркорларга ускунаси учун сертификат олиш, рўйхатдан ўтказиш жараёни қийинлиги, узоқ вақт талаб қилгани сабабли улар лойиҳаларга пул тикишдан хавфсираяпти. Масъулларга улар билан яқин мулоқот ўрнатиш ва лойиҳаларига кўмаклашиш топширилди.

Бундан ташқари, машинасозлик-конструкторлик ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш Андижондан бошланиши белгиланди.

Жумладан, тармоқлар раҳбарлари тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель, автомобилсозлик каби “драйвер” соҳаларда талаб юқори бўлган камида 5 турдаги импорт ускунасининг техник кўрсаткичини ўрганади. Уларнинг конструкторлик ечимларини маҳаллий корхоналарга таклиф қилади. Бундай ускуналарни маҳаллийлаштириш истагидаги тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Олтинкўлдаги тадбиркор зовурни ёпиқ тизимга ўтказиб, 1,1 гектарда 20 та савдо ва сервис объекти қурган. Туман ҳокимлари ҳеч бўлмаганда 30 километр зовурни шу тизимга ўтказса, 1 мингта савдо-сервис объекти, 10 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга бутун республика бўйича трасса бўйидаги камида 300 километр зовурларни белгилаб, тадбиркорларга таклиф қилиш топширилди. Йил якунигача Олтинкўл тажрибаси асосида 10 мингта савдо-сервис жойи ва 100 мингта иш ўрни яратилиши белгиланди.

Шунингдек, вилоятдаги 21 минг гектар адирни 13 минг гектарига сув чиқариб, экин экиш мумкин. Мутасаддиларга республикадаги барча қир ва адирлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Бундай ерларга сув чиқаришда насос ишлатиш учун электр энергияси нархи деҳқонларга оғирлик қилишини инобатга олиб, қуёш панели ўрнатиш учун молиявий инструментларни тезроқ ишлатиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилдан бошлаб томорқадан фойдаланиш бўйича янги тизим ишламоқда. Масалан, Асака тумани Отиш маҳалласидаги 810 та хонадондан 805 тасида иссиқхона бор, уларда йилига 3 марта ҳосил олинаяпти. Худди шундай, Обод маҳалласидаги 922 та хонадон эгалари иссиқхоналардан самарали фойдаланяпти.

Вилоятдаги қолган 907 та маҳаллада ҳам бу тажрибадан унумли фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Мутасаддиларга Асакадаги маҳаллаларга арзон уруғ ва минерал ўғит етказиб бериш тизимини бутун республикада жорий қилиш топширилди. Бу тизим орқали уруғ ва ўғит 15 фоизгача арзон сотилмоқда.

Ўтган йилда Андижонда камбағаллик 11,9 фоиздан 9,5 фоизга тушгани билан республикада 9-ўринда турибди.

Балиқчи ва Олтинкўлда 5 гектардан иссиқхона ташкил қилиниб, 100 та эҳтиёжманд оила даромадли қилинди. Иссиқхона камбағал оилаларга 10 сотихдан икки йилга ижарага берилган. Йилига 3 марта ҳосил олиш ҳисобига ҳар бир оила 150-200 миллион сўмдан даромад топади. Тадбиркор кўчат, уруғ, ўғит ва ёқилғини етказиб бериб, ҳосилни ўзи сотиб олади.

Бу ишлар камбағаллик юқори Улуғнор, Пахтаобод, Хўжаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бундай замонавий иссиқхоналарни намунавий ташкил қилган маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади.

Ёшларни тадбиркорлик, ердан самарали фойдаланишга ўргатиш учун аввало уларда касбий кўникмани ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Ҳудуд ихтисослашуви асосида мактабларда меҳнат дарслари ва касбий тўгараклар ташкил этилади. Ушбу тўгаракларга саноат савдо ва сервис корхоналари, кластерлар мутахассислари келиб дарс ўтади.

Вилоятдаги 5,7 минг гектар сунъий сув ҳавзаларининг атиги 23 фоизида интенсив усулда балиқ етиштирилаяпти.

Андижон туманидаги тадбиркор 15 миллион доллар ҳисобига 320 гектарда интенсив усулда балиқ етиштириш, 500 та хонадон билан кооперация қилиш ташаббусини билдирган. Лойиҳа доирасида 27 турдаги карп балиғидан маҳаллий шароитга мос балиқ насли яратиш режа қилинган.

Ушбу лойиҳага Осиё тараққиёт банки илк бор тўғридан-тўғри 15 миллион доллар беришга рози. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил қилинади, тадбиркор ва Осиё тараққиёт банки билан уч томонлама шартнома имзоланади.

Мутсаддиларга хориждан 100 миллион доллар жалб қилиб, йил якунигача 1,2 минг гектарда камида 5-6 та шундай лойиҳани йўлга қўйиш топширилди.

Умуман, республикада балиқчиликни ривожлантиришга 150 миллион доллар ресурс берилади. Шундан 50 миллион доллари Андижонга ажратилади.

Вилоятнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Хонободдаги Кампировот маҳалласида 92 гектар ҳудудда туризм маркази ташкил қилинади. Бундай туризм масканлари Булоқбошидаги Ширмонбулоқ, Хўжаободдаги Тош ота маҳаллаларида ҳам ташкил қилинса, қўшимча 1 миллион турист жалб қилиш учун барча имкониятлар бор.

Мутасаддиларга ушбу маҳаллаларнинг мастер-режасини ишлаб чиқиб, зарур инфратузилма харажатларини ҳал қилиб бериш топширилди.

Вилоят ва туман ҳокимликлари бу йил 125 миллион долларлик 25 та лойиҳани якунига етказиш, 3,5 миллион хорижий ва маҳаллий сайёҳни жалб қилиб, туризм экспортини 200 миллион доллардан оширишга масъул этиб белгиланди.

Йиғилишда инвестиция ва экспорт масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган уч йилда вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимлари хорижий инвесторлар билан 600 дан зиёд келишувга эришгани билан, уларнинг атиги учдан бири лойиҳага айлангани танқид қилинди.

Ўтган йили киритилган инвестицияларнинг ярмидан кўпи Балиқчи, Булоқбоши, Андижон тумани ва шаҳрига тўғри келади. Пахтаобод, Избоскан ва Шаҳрихонда бу 50 миллион долларни ташкил этган, холос.

Мутасаддиларга электрон платформа яратиб, хорижий инвесторлар билан ўтказилган учрашувлар рўйхатини юритиш, улар кўтарган ҳар бир масала бўйича аниқ ижрочиларни белгилаб, кунлик назорат тизимини йўлга қўйиш топширилди.

Ҳар йили Андижондан Қирғизистонга 200 миллион долларлик экспорт амалга оширилмоқда.

Қўрғонтепа ва Хўжаободда ҳам худди Афғонистон чегарасидаги каби эркин савдо ва саноат зоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга тадбиркорлар билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу иккита ҳудуддан биттасини танлаб, мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди.

Хўжаободдаги “Дўстлик” постидаги катта тирбандликдан аҳоли ҳам, ташувчилар ҳам норози эканига эътибор қаратилди. Масъул вазирлик ва идоралар олдига тирбандлик сабабини ўрганиб, тез фурсатда бунинг ечими бўйича таклиф бериш вазифаси қўйилди.

"Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлини қуриш бўйича йирик лойиҳа ишга тушиши натижасида ташиш муддати 1 ҳафтага, масофаси 1 минг километрга қисқаради, юк ташиш 10 баробар ошади.

"Лекин, ички темир йўл тармоқларимиз, божхона пунктлари, станциялар бу юкни қабул қилиш ва ўтказишга қанчалик тайёр?", - дея савол қўйди давлатимиз раҳбари.

Мутасаддиларга бу борадаги ҳисоб-китобларни қилиб, амалга ошириладиган ишлар бўйича дастур тайёрлаш топширилди.

Бир ҳафта ичида Андижонда 360 та бўш ва самарасиз кўчмас мулк аниқланди. Шунингдек, 96 та бино-иншоотлар очиқ аукционда йиллаб сотилмаяпти.

Бу объектлар қулай шарт асосида сотилса, тадбиркорлар лойиҳа қилиб, иш ўрни яратади.

Масалан, Андижон шаҳри эндокринология марказидаги 20 сотих, ёнидаги 1-сон поликлиниканинг 30 сотих бўш ери аукционга чиқса, тадбиркор 20 миллион долларлик 600 ўринли хусусий тиббиёт маркази қурмоқчи. Ёки, Андижон тумани Ўрикзор маҳалласидаги таъмирталаб “Ўқувчи ёшлар маркази” аукционга қўйилса, бу ерга 35 миллион доллар инвестиция киритиб, жами 6 минг ўринли боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳдан иборат таълим кластери қиламан, деган тадбиркорлар ҳам бор.

Мутасаддиларга бўш ётган барча ер ва биноларни аукционга чиқариш топширилди.

"Ҳаммани қаттиқ огоҳлантираман – тиббиёт ва таълим ташкилотларига тегишли бўш бинолар фақат “профили”ни ўзгартирмаслик шарти билан берилади", - деди Президент.

Бош прокуратурага бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Избоскан туманида тадбиркор 10 миллион доллар инвестиция ҳисобига қуввати 3,2 мегаваттли кичик ГЭС қурган. ГЭС йилига 8 миллион киловатт-соат электр беради. Бу Избоскан аҳолиси истеъмолининг 20 фоизи дегани.

Президент бу намунали лойиҳани маъқуллаб, вилоятнинг сув оқими юқори бўлган ариқ ва каналларида 75 мегаватт қувватга эга кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти борлигини айтди.

Андижондаги бундай лойиҳаларга 40 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Бу маблағлар тадбиркорларга 3 йил имтиёзли давр билан 7 йилга 12 фоиз ставкада берилади.

Маҳаллий компонентни ривожлантириш учун август ойида хитойлик инвесторлар билан микро ГЭС агрегатларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Эътиборли жиҳати, бу инвестор қурилган ГЭСларга 1 йил бепул сервис кўрсатади, кейинги 9 йилда кафолатли пулли хизматни йўлга қўяди.

Вилоят ҳокимлигига бу йил қуввати 24 мегаватт, кейинги йил яна 20 мегаватт бўлган жами 763 та кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш чораларини кўриш топширилди. Бу лойиҳалар ишга тушса, 38 минг хонадон узлуксиз электр билан таъминланади, вилоятнинг электр импорти 10 фоизга қисқаради.

Йиғилишда қурилиш ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинар экан, Хонобод-Андижон магистрал сув қувурининг 1-тармоғидан сув оқими камлиги сабабли 6 та тумандаги 510 минг аҳолига сув етказиб беришда муаммолар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, ушбу қувурнинг 2-тармоғини қуриш зарурлиги таъкидланди ва мутасаддиларга тегишли ишларни тезроқ бошлаш топширилди. Андижон сув таъминоти корхонаси ҳудудида 18 мегаваттли қуёш панеллари ва 98 та энергия тежамкор насослар ўрнатилади.

“Хонобод” чегара ўтказиш пункти тиклангани ҳисобига, “Бишкек – Душанбе – Термиз” халқаро йўлидаги транспорт оқими 2-3 карра кўпайди. Лекин Хонободдан ўтувчи Қорадарё устидаги 150 метрли кўприк носозлиги учун машиналар унинг бир қисмидан ҳаракатланмоқда, тирбандликлар ҳосил бўлаяпти.

Мутасаддиларга бир ойда ушбу кўприкни реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш ва 25 миллиард сўм ажратиш топширилди. Мазкур кўприк келгуси йилда тўлиқ ишга тушиши шартлиги қайд этилди.

Янги Андижон массивини Андижон шаҳри ва бошқа ҳудудлар билан боғлаш учун 56 километрлик ҳалқа йўли қуриш зарурлиги қайд этилди. Бу йил ушбу йўлнинг 5 километрини битказиш ҳисобига Андижон шаҳрига келиш анча қисқаради. Бу йўлда 200 та савдо ва сервис объекти барпо этилиб, 1 минг нафар аҳоли ишли бўлади.

Андижон шаҳрини вилоятнинг 8 та ҳудуди билан боғловчи жамоат транспорти мавжуд эмаслиги оқибатида кунига 80 минг аҳоли вилоят марказига 20 мингга яқин енгил транспортда келишга мажбур.

Тиғиз пайтда Андижон шаҳридаги тирбандлик 7-8 баллга чиқиб кетмоқда. Ваҳоланки, 1 та кичик автобус кунига камида 400 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб, 25 та енгил машинани ўрнини босади.

Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, янги маршрутлар ва вилоят шароитига мос автобус русумларини аниқлаб, таклиф бериш топширилди.

Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳри бўйича муҳим бир ташаббусни айтди. Шаҳар марказида “Андижон турмаси” номи билан танилган 3-сон тергов ҳибсхонаси жойлашган. Кундан-кунга шаҳар кўркига кўрк қўшилиб турган вақтда 100 йил олдин қурилган бундай “совуқ” бинонинг марказда бўлиши нотўғри экани қайд этилди.

Шу боис бу объект шаҳар чеккасига кўчирилиши, ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилиши белгиланди.

Йиғилишда ижтимоий соҳа масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Президент тиббиётда Андижон брендини яратиш бўйича барча имкониятлар борлигини таъкидлади.

Бу борада ўтган йили 650 ўринли клиника Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилиб, уни таъмирлаш ва жиҳозлашга 180 миллиард сўм берилди. Бу 11 минг талабага бир вақтни ўзида ҳам ўқиш, ҳам амалиёт ўташ имконини беради.

Институтдаги симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини 2 босқичда баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимини қуриб, кластерга айлантириш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Бунга яна 100 миллиард сўм ажратилиши маъқулланди.

Симуляцион марказда синовдан ўтган тиббий ходимларга қўшимча 100 фоиз устама берилиши белгиланди.

Ҳозир 2 минг нафар наманганлик ёшлар Андижонга қатнаб ўқиётганини ҳисобга олиб, Наманган давлат университетидаги тиббиёт факультети Андижон тиббиёт институти филиалига айланади. Бу филиал кейинчалик мустақил олийгоҳ даражасига олиб чиқилади, Андижон тиббиёт институтига эса университет мақоми берилади.

Умуман, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистондан келиб ўқимоқчи бўлганлар ҳисобига, вилоятда тиббий таълим экспортини йилига 20 миллион доллардан ошириш мумкинлиги таъкидланди. Мутасаддиларга хориждан келиб ўқиётган талабалар учун “талаба визаси” жорий қилиш бўйича бир ойда таклиф киритиш топширилди.

Андижондаги 400 дан зиёд маҳаллада аҳолига туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктлари ташкил қилинди. Бу ерда қон босимини ўлчаш, укол қилиш, физиотерапия каби бирламчи оддий хизматлар кўрсатилади.

Президентимиз бу тажрибани маъқуллаб, мутасаддиларга бу йил ушбу тизимни қолган вилоятлардаги камида 100 тадан маҳаллада йўлга қўйишга топшириқ берди.

Андижонда замонавий хусусий клиникалар ташкил этиш учун олти ой давомида сотилмаган давлат объектлари тадбиркорларга тўғридан-тўғри 5 йил муддатга ижарага берилади, кейинчалик бу объектлар уларнинг ўзига хусусийлаштириб берилади.

Сўнгги йилларда техникумлар бўйича ҳам катта ислоҳотлар бўлди. Лекин Андижондаги 56 та техникумнинг барчасида ҳам ишлар янгича ташкил этилмаяпти.

Масалан, Андижон 4-сон техникуми ва Пахтаобод 2-сон техникумида талабаларнинг бир вақтнинг ўзида ўқиши ва ишлаб, даромад топиши бўйича ижобий тажриба яратилган.

Мактаблардагидек ўз устида ишлаб, салоҳияти ва кўникмасини оширган директорларни рағбатлантирадиган тизим эндиликда техникумларда ҳам жорий қилиниши белгиланди.

Кеча Янги Андижон шаҳрини Бобур шаҳри деб номлаш бўйича катта ташаббус илгари сурилди.

Бобур бобомиз сиймосини абадийлаштириш мақсадида улуғ аждодимиз ва унинг авлодлари бунёд қилган тарихий обидаларнинг кичиклаштирилган нусхаларидан иборат тематик парк барпо этилади.

Президентимиз ҳар йили Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ўтказишни таклиф қилди. Ғолибларга автомобиль берилади.

Умуман, мутасаддиларга шаҳарни маърифат ва маданият марказига айлантириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

"Икки кун давомида Андижондаги бўлаётган ўзгаришлар билан танишдим. Шу билан бирга, вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, ободонлаштириш ва инфратузилмаси учун мисли кўрилмаган миқдорда маблағ ажратилаяпти. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган", - деди давлатимиз раҳбари.

Айтилган барча ташаббуслар Андижондаги ҳар бир хонадонгача кириб бориши, ажратилаётган ҳар бир сўм маблағ камида ўн сўм бўлиб қайтиши учун мутлақо янги назорат тизими жорий қилиниши белгиланди.

Тегишли идораларга ҳар бир топшириқ ижросидан тортиб, раҳбарларнинг аҳоли ва тадбиркорлар билан муомаласигача қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди, Андижонга янги тайинланган вилоят прокурори ва ички ишлар бошлиғининг бу борадаги масъулияти белгиланди.

"Биз бошлаган ислоҳотлар, бу – фақат рақамлар ёки ҳисоботлар эмас. Бу – ҳар бир оила, ҳар инсон ҳаётида сезиладиган, фаровонлик ва тараққиёт сари йўналтирилган ҳақиқий ўзгаришлардир.

Бугун ҳам Андижонда кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтариш бўйича энг муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Аҳоли ва тадбиркорлар кайфиятига таъсир кўрсатадиган барча масалаларга тўхталиб, вилоят учун зарур маблағларни ҳам ҳал этдик.

Агар барчамиз бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб иш олиб борсак, ютуқларимиз янада кўпаяди, биз забт этолмайдиган марранинг ўзи бўлмайди, Андижон янада обод бўлади, мен бунга ишонаман!", - деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

Йиғилишда вилоят ва республика мутасаддиларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг