Андижон вилояти делегацияси Сент-Луисдаги ITF Group компанияси фаолияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг Миссури штатида хизмат сафари билан бўлиб турган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Сент-Луис шаҳрида жойлашган ITF Group компанияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ҳамюртимиз Саидазим Бурханхаджаев асос солган мазкур ITF Group компанияси халқаро логистика ва омборхона ечимларини таклиф этишда етакчи ҳисобланади. Компания инфратузилмаси билан уйғунлашган HaulerHub рақамли платформаси юк жўнатувчи, ташувчи ва брокерларни ягона тизимда бирлаштириб, транспорт жараёнларини тезкор ва самарали бошқариш имконини бермоқда. Шу жиҳатдан ITF Group Шимолий Америка бозорида ишончли ва нуфузли юк брокерларидан бири сифатида эътироф этилган.
Учрашувда компаниянинг иш тажрибаларини ўрганиш, Андижон вилоятида логистика хизматларини ривожлантириш ва АҚШ бозорига маҳаллий маҳсулотларни кенгроқ чиқариш имкониятлари муҳокама этилди.
Ушбу ҳамкорлик вилоятимизда замонавий логистика тизимини жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.