Бахтиёр Саидов ЕХҲТ амалдаги раиси Элина Валтонен билан музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ривожланиш динамикаси ижобий баҳоланди. Томонлар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, тўғри бошқарув тамойилларини илгари суриш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги қўшма ташаббусларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
«Фин томонининг шерикликни янада чуқурлаштиришга бўлган интилишини юксак қадрлаймиз ва конструктив ҳамда самарали ҳамкорликнинг давом этишига умид қиламиз», — дея таъкидлади Ўзбекистон ТИВ раҳбари.