Чилонзор туманида минорали қурилиш крани ағдарилиб кетди: бир киши ҳалок бўлди, икки киши жароҳатланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 8 сентябрь куни тахминан соат 18.00 ларда Чилонзор тумани, Тирсакабод кўчасида олиб борилаётган қурилиш ҳудудида, минорали қурилиш кранини ўрнатиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши таъминламаганлиги сабабли кран қулаб тушган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабар берди.
Натижада ўрнатиш ишларини олиб бораётган ёлланма ишчи 2000 йилда туғилган Л.А. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, ёлланма ишчилар 2004 йилда туғилган И.Қ. ҳамда 2000 йилда туғилган М.А. турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат бўйича Чилонзор тумани ИИО Тергов бўлими Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатди, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.