Фармагентлик директори "Xinjiang Huashidan Pharmaceutical Co., Ltd." компаниясида учрашув ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида, Шинжон-Уйғур Автоном районида жойлашган "Xinjiang Huashidan Pharmaceutical Co., Ltd." компанияси вакиллари билан учрашди.
Суҳбат давомида компания вакиллари ўз фаолияти, ишлаб чиқариш имкониятлари ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. "Xinjiang Huashidan Pharmaceutical Co., Ltd." дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тарқатишга ихтисослашган бўлиб, минтақанинг йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади.
Агентлик директори Ўзбекистон фармацевтика сектори, мавжуд имкониятлар ва маҳаллийлаштириш жараёнида "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш учун яратилган шароитлар алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашув якунида томонлар келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш имкониятларини ўрганишга келшиб олди.