FIFA делегацияси Ўзбекистон Миллий футбол марказига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — FIFA делегацияси Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманида жойлашган Миллий футбол маркази фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон футбол ассоциасияси матбуот хизмати хабарига кўра, икки йил аввал FIFA Президенти Жанни Инфантино ушбу ҳудудга ташриф буюриб, марказ қурилишига рамзий ғишт қўйган ва лойиҳалар билан танишганди. Ташриф давомида меҳмонларга марказ имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Бугун бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа машғулот ўтказиши мумкин. Замонавий стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари ва меҳмонхона футболчилар ихтиёрига тақдим этилган.
Спорт тиббиёти марказида бассейн, машғулот зали ва реабилитация бўлимлари ташкил этилган. Жароҳатларнинг олдини олиш ҳамда футболчиларнинг қисқа фурсатда тикланиши учун хорижий ускуналар олиб келинган, илғор услублар жорий этилгани қайд этилди.
Делегация Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, VAR, терма жамоалар тайёргарлик маркази ва Республика футбол академияси фаолияти билан танишди.
Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашиб, Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклади: “Аввало, сизларни тарихий натижа билан табриклайман. Бу ютуқ мамлакатингизда спорт ва футболга берилаётган эътибор самараси. Футболингизнинг узоқ ва шарафли йўлни босиб ўтаётганининг мевасидир. Олдингизда шарафли вазифа — Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш турибди. Сиз миллионлаб мухлисларингизга қувонч улашяпсиз. Ишонаманки, Жаҳон чемпионатида бутун дунё яна бир бор Ўзбекистон футболининг салоҳиятига гувоҳ бўлади”, деди Инфантино.
Ташриф давомида FIFA делегацияси марказ инфратузилмасига юксак баҳо бериб, бу ерда Ўзбекистон терма жамоаларининг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришлари мумкинлигини таъкидлади.