iCRAFT лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга иккинчи транш маблағлари ажратилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (iCRAFT) лойиҳаси доирасида 7,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги иккинчи транш грант маблағларини жалб қилди.
Мазкур транш “Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси” (ERPA) асосида ажратилган бўлиб, 2023 йилда Ўзбекистонда қисқартирилган жами 6,328 миллион тонна иссиқхона газларининг 500 минг тоннаси учун компенсация сифатида хизмат қилади. Ушбу тўлов халқаро углерод бозори симуляцияси шаклида амалга оширилди ва мамлакатда инновацион иқлим молияси механизмларини жорий этишда муҳим ютуқ ҳисобланади.
Маʼлумот ўрнида, 2024 йилда лойиҳанинг биринчи транши орқали ҳам 7,5 миллион доллар миқдорида грант ажратилган эди. Шу кунгача iCRAFT лойиҳаси доирасида Ўзбекистон жами 15 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағларини жалб қилган бўлиб, бу молиявий ресурслар мамлакатнинг барқарор ривожланиш стратегиясини мустаҳкамламоқда.
iCRAFT лойиҳаси дунёдаги "сиёсатга асосланган кредитлаш" ёндашуви асосида амалга оширилаётган биринчи ташаббус ҳисобланади. Лойиҳа энергетика соҳасида ислоҳотлар орқали иссиқхона газлари эмиссияларини қисқартиришни ва Ўзбекистонни Марказий Осиёда халқаро углерод бозорлари билан савдони ёʼлга қўйган илк давлатлардан бири сифатида шакллантиришни мақсад қилган.