Имом Муҳаммад Мажид: Ўзбекистон - динлар ва маданиятлар уйғунлиги намунаси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган "Декларациялар мулоқоти" форумида АҚШнинг Даллас округи мусулмон жамияти маркази раҳбари имом Муҳаммад Мажид Ўзбекистон ҳукуматига ҳар доимгидек самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон бой тарихий меросга эга, турли динларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда яшашининг ёрқин намунаси бўлган мамлакатдир. Унинг сўзларига кўра, бу ерда асрлар давомида масжидлар, черковлар ва синагогалар тинч-тотув жойлашган бўлиб, бу бағрикенглик ва ўзаро ҳурматнинг ўзига хос муҳитини акс эттиради.
Ушбу фикрни давом эттирар экан, имом ҳақли равишда Ўзбекистон "Ислом цивилизацияси дурдонаси" деб эътироф этилишини таъкидлади. Айнан шу заминда бунёдкорлик ва маънавий тараққиёт учун шарт-шароит шаклланган, буюк илоҳиётчилар ва олимлар меҳнат қилган, фундаментал илмий асарлар яратилган. Бу меросда Имом Ал-Бухорий, Ал-Термизий ва бошқа улуғ мутафаккирларнинг хизматлари алоҳида ўрин тутади.
Сўзининг якунида Муҳаммад Мажид Ўзбекистоннинг бугунги кунда диний туризм маркази сифатидаги ўрнига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда кўплаб америкалик мусулмонлар мамлакатга муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун келишади, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда халқаро конференциялар ва илмий учрашувларда фаол иштирок этишади.
Эслатиб ўтамиз, Форум СМТИ томонидан Американинг "Love Your Neighbor Community» (LYNC) нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
Унда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Марказий Осиё давлатлари каби 15 та давлатдан 50 га яқин етакчи диншунос, илоҳиётшунос, эксперт ва юқори мартабали шахслар иштирок этмоқда.