Валюта курслари 08/05/2025
$1 – 12910.15
UZS – -0.11%
€1 – 14660.77
UZS – 0.27%
₽1 – 159.78
UZS – -0.1%
Қидириш
Иқтисод 18/04/2025 Incheon Airport Урганч аэропортини модернизация қилади

Incheon Airport Урганч аэропортини модернизация қилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси давлат-хусусий шериклик доирасида Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш билан шуғулланади. Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар беришича, тендернинг барча босқичлари якунланиб, унинг натижаларига кўра айнан шу корпорация ғолиб деб топилган.

Тендер 2024 йил 1 август куни эълон қилинган бўлиб, икки босқичда ўтказилди: дастлаб компаниялар малакали саралаб олинди, кейин эса таклифлар кўриб чиқилди. Жами саккизта компания иштирок этган тендер финалига бешта компания чиққан.

Ғолибни идоралараро тендер комиссияси аниқлади.

Лойиҳа шартларига мувофиқ, хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва эксплуатация қилиш, шунингдек, ерда хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этиш учун жавобгар бўлади. Давлат томони эса аэродром инфратузилмаси — учиш-қўниш йўлаги ва перронни қуриш ва бошқаришни ўз зиммасига олади.

Келгуси босқич — давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш бўлиб, у 19 йиллик концессия шаклида тузилади.

Uzbekistan Airports таъкидлашича, тендер халқаро аэропорт операторлари орасида катта қизиқиш уйғотган. Ғолиб бўлган Инчхон аэропорти — Корея Республикасининг асосий ҳаво дарвозаси бўлиб, Шимолий-Шарқий Осиёнинг энг йирик транспорт хабларидан бири ҳисобланади ва мунтазам равишда дунёдаги энг яхши аэропортлар рейтингидан ўрин олади. 2024 йил якунларига кўра, ушбу аэропорт 70 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган. Компания вакиллари Урганч аэропорти профессионал жамоа орқали мамлакатдаги энг замонавий аэропортлардан бирига айланишидан, йўловчилар учун қулай бўлишидан, Хоразм вилоятининг сайёҳлик жозибасини оширишидан ва Ўзбекистон авиация соҳасини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишидан ишонч билдиришган.

Аэропортни модернизация қилиш лойиҳаси 2024 йил 30 августдаги Ўзбекистон Президенти қарори билан тасдиқланган бўлиб, Uzbekistan Airports, Транспорт вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида амалга оширилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг