Женевада “Better Cotton” дастурини Ўзбекистонда кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Женева шаҳрида Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева “Better Cotton” халқаро ташкилоти бош директори Алан Макклей билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистонда “Better Cotton” дастурини амалга ошириш жараёнлари ва бу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида “Better Cotton” дастурининг нафақат сертификатлаштириш воситаси, балки экологик, ижтимоий ва меҳнат амалиётларини яхшилашга хизмат қилувчи платформа сифатидаги аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Шу билан бирга, дастурда иштирок этиш орқали Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун жаҳон бозорларига чиқиш имкониятлари кенгайиши ва мамлакатнинг тўқимачилик маҳсулотлари соҳасида масъулиятли етказиб берувчи сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиши қайд этилди.
Ўзбекистонда “Better Cotton” дастури қамровини кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда дастур қарийб 30 минг тонна пахта хомашёси етиштирадиган 6 та кластерни қамраб олган.
Томонлар шерикликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.