Марказий банк: Микрокредитлаш ва аҳоли қарзи ортиши молиявий таваккалчиликларни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йилда Ўзбекистон банк сектори умумий молиявий шароитлар юмшашига қарамай, молиявий барқарорлигини сақлаб қолди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида айтиб ўтилди.
Барқарорликни таъминлашга банк сектори ва ташқи молия бозоридаги ижобий вазият, валюталар бозорида босимнинг камайиши, капитал етарлилигининг юқори даражада сақланиши сабаб бўлди. Пул бозоридаги барқарорлик билан бирга бу молиявий стресс даражасининг пасайишига олиб келди.
Бироқ аҳолига кредит бериш билан боғлиқ таваккалчиликлар таъсири ўсмоқда. Бу молиявий йўқотишларни кўпайтирмоқда, гарчи умумий қарз қолдиқлари нисбатан паст концентрацияда бўлса ҳам. Аҳолининг кредит фаоллиги ўсиши ва жисмоний шахсларга берилаётган кредитлар улуши ортиши фонида қарздорлар сони ҳам ошиб бормоқда.
Жисмоний шахслар учун умумий қарз юки (барча мажбуриятлар ҳисобга олинганда) ўртача 34% ни ташкил этди. Кредитларнинг тахминан 40% и шундай қарздорларга тўғри келмоқдаки, уларда DSTI (даромаддан қарз хизматини тўлашга сарфланадиган улуш) 50% дан ошиб кетган.
Ҳисоботда микрокредитлаш билан боғлиқ таваккалчиликларга алоҳида эътибор қаратилган. Микрозайм олувчилар сони ва кредит миқдори жадал ўсмоқда, бу эса қолдиқлар концентрациясини оширмоқда. Айрим банкларда муаммоли микрокредитлар улуши юқори бўлиб, йўқолган қарзларни қоплаш учун резервлар етарли эмас — бу эса вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Макропруденциал тўлов қобилияти бўйича стресс-тест натижаларига кўра, 2027 йил охиригача асосий ва умумий регулятив капитал етарлилик коэффициентлари мос равишда 5,6% ва 8,1% га камайиши мумкин. Бу эса ноқулай сценарий амалга ошса, банк секторида йўқотишлар бўлиши эҳтимолидан далолат беради.
Шу билан бирга, ликвидлик бўйича макростресс-тест натижалари яқин келажакда жиддий муаммолар кутилмаётганини кўрсатмоқда. Миллий валютадаги актив ва мажбуриятлар муддатлари ўртасидаги номутаносиблик камайди, йил якунигача юқори ликвид активлар ҳисобига тоза пул оқимининг ўсиши кутилмоқда.
Бироқ айрим банкларда йирик жамғармалар эгаларининг улуши юқорилигича қолмоқда — бу оммавий маблағ чиқариш ҳолатида ликвидликка таҳдид солиши мумкин.
Автокредитлаш бўйича Марказий банк томонидан жорий этилган қатъий талабларнинг ижобий натижалари ҳам қайд этилган. Кредит юкининг яхшиланиши ва автомобиллар савдосининг барқарорлашуви бозор ва асосий қийматлар ўртасидаги фарқни камайтиришга ёрдам берди.