МБПМ (HUMO тўлов тизими) ҳамкорларга AliPay+ билан боғлиқ инновацион лойиҳани тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 июнь куни InterContinental Ташкент меҳмонхонасида HUMO компанияси томонидан ташкил этилган бизнес-нонушта бўлиб ўтди. Унда AliPay+ халқаро тўлов тизими билан интеграциялашувнинг янги имкониятлари тақдим этилди. Тадбирда асосий ҳамкорлар – Ўзбекистон банк сектори вакиллари иштирок этишди.
HUMO компанияси иштирокчиларни Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун нақд пульсиз ҳисоб-китоблар имкониятларини кенгайтириш имконини берадиган AliPay+ билан қўшма лойиҳа ишга туширилиши ҳақида хабардор қилди. Бу лойиҳа татбиқ этилса, ҳамкор банклар, бизнес ва истеъмолчилар учун янги истиқболлар очилади, товар ва хизматлар учун ҳам ички, ҳам ташқи тўловлар осонлашади.
Тадбир давомида тўловларни рақамлаштириш, молиявий инклюзивликни ошириш ва Ўзбекистон бозорининг рақобатбардошлигини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. HUMOга ҳамкор банклар яқин келажакда ишга туширилиши режалаштирилган янги лойиҳа доирасида саволлар бериш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлишди.
HUMO тўлов тизимига AliPay+ жорий этилиши:
Сайёҳлар ва Хитой ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик қиладиган тадбиркорлар учун тўловларни соддалаштириш;
QR-кодлар орқали тўловларни қабул қилиш тармоғини кенгайтириш;
HUMO карталари фойдаланувчилари учун транзакциялар қулайлигини ошириш имкониятларни яратади.