Валюта курслари 16/06/2025
$1 – 12760.21
UZS – 0.43%
€1 – 14704.87
UZS – 0.0%
₽1 – 160.08
UZS – 0.55%
Қидириш
Иқтисод 11/06/2025 NASDAQ вакиллари билан халқаро молиявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

NASDAQ вакиллари билан халқаро молиявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 июнь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида NASDAQ (“National Association of Securitiyes Dealers Automated Quotation”) биржаси ижрочи раис ўринбосари Эдвард Стенли Найт бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосари Илҳомжон Умрзаков, “Тошкент” фонд биржаси бошқаруви раиси Георгий Паресишвили ҳамда  бир қатор масъул шахслар иштирок этди.

Музокараларда Ўзбекистон фонд бозорини ривожлантириш, халқаро амалиёт асосида технологиялар трансфери ва илғор инфратузилмавий ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, NASDAQ делегацияси замонавий фонд биржаларида қўлланаётган савдо мослашуви ва инвесторлар учун хавфсиз ҳамда тезкор платформалар яратиш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Учрашув давомида томонлар “Тошкент” фонд биржасининг техник имкониятларини кучайтириш, ягона платформа орқали давлат облигациялари, акциялар ва бошқа молиявий инструментлар билан савдоларни амалга ошириш имконини берувчи интеграциялашган инфратузилма яратиш, инвесторлар учун ликвидлик ва хавфларни бошқариш имкониятларини ошириш юзасидан фикр алмашди.

NASDAQ вакиллари томонидан таъкидланишича, компания 50 дан ортиқ давлат ва минтақавий фонд биржаларига ўз технологияларини етказиб бериб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаб келмоқда. Шунингдек, улар Ўзбекистон фонд бозорининг салоҳиятини юқори баҳолаб, ҳамкорликнинг турли моделларини жорий этиш бўйича таклифлар билдирди.

Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли стратегик технологик ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Бу Ўзбекистон молия бозорининг рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш, халқаро инвесторлар иштирокини кенгайтириш ва капитал бозорининг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг