Норма ижодкорлиги фаолиятининг самарадорликка йўналтирилган янги тартиби жорий этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–161-сон,08.09.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, вазирлик ва идоралар, агар уларга қонун ҳужжатлари, Президентнинг фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари билан тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатлар берилган бўлса, идоравий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин.
Идоравий ҳужжатларни қабул қилиш учун юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тегишли ҳужжатни қабул қилиш ваколати аниқ ёзиб қўйилган бўлиши талаб этилмайди.
Идоравий ҳужжатларга, қонунчиликда белгиланган ҳолатлардан ташқари, қуйидаги қоидаларни киритишга йўл қўйилмайди:
шахсларга янги имтиёз ҳамда жавобгарлик чораларини белгилайдиган;
амалдаги тартиб-таомилларни асоссиз мураккаблаштирадиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган;
асосланмаган қўшимча харажат ва тўловларни, янги турдаги солиқ ва йиғимларни, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этадиган.
Идоравий ҳужжатларни қабул қилиш, уларни ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатлари бўйича қуйидаги қатъий талаблар ўрнатилади:
идоравий ҳужжатларни қабул қилиш муддати, агар қонунлар, Президент ва Ҳукуматнинг ҳужжатларида бундан кўп муддат белгиланмаган бўлса, 2 ой этиб белгиланади;
идоравий ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш муддати 10 кунни ташкил этади, агар лойиҳа юзасидан 5 кун ичида таклиф келиб тушмаса, уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритиш мумкин бўлади;
идоравий ҳужжатларни Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 30 кундан 20 кунга, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган ҳужжатлар бўйича эса кўриб чиқиш муддатини узайтириш 15 кундан 10 кунга қисқартирилади;
белгиланган талабларга риоя қилмасдан киритилган идоравий ҳужжатларни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартирилади.
Адлия вазирлиги идоравий ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайта ишлаш (таҳрирлаш) орқали давлат рўйхатидан ўтказади:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида;
қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлаштириш зарурати туғилганда;
ҳавола қилувчи нормалар қўлланишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги таъминланмаганда.
Адлия вазирлиги вазирлик ва идоралар томонидан идоравий ҳужжатлар ўз вақтида ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини доимий мониторинг қилиб боради.
Шунингдек, идоравий ҳужжатни у биринчи келишилаётган вазирлик ва идора билан келишилгандан сўнг 30 кун ичида қабул қилиш талаби бекор қилинади.
Бундан ташқари, янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи идоравий ҳужжатларни манфаатдор ташкилотлар билан келишмасдан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритишга рухсат берилади.