Ўзбекистон фаол ва спорт туризмини ривожлантирмоқда — UzDaily.uz
Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Ўзбекистон фаол ва спорт туризмини ривожлантирмоқда

Ўзбекистон фаол ва спорт туризмини ривожлантирмоқда

Ўзбекистон фаол ва спорт туризмини ривожлантирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 5 сентябрь куни Туризм қўмитасида “Ўзбекистонда фаол ва спорт туризми” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Сардор Ниёзов очиб берди ва ушбу йўналишни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир илмий-амалий лойиҳанинг якунланишини белгилади. Ушбу лойиҳа доирасида тадқиқотлар ўтказилди, халқаро тажриба таҳлил қилинди ва соҳани ривожлантириш бўйича амалий тавсияларни ўз ичига олган "йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Хусусан, "йўл харитаси"да миллий мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш, йўналишлар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари учун "ягона дарча" рақамли платформасини жорий этиш, экологик барқарорликка урғу берган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш, ихтисослаштирилган қутқарув хизматини шакллантириш ҳамда йўриқчи-йўл бошловчиларни тайёрлаш ва сертификатлаш бўйича таълим дастурларини йўлга қўйиш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Учрашув давомида таъкидланганидек,Ўзбекистон хилма-хил рельефи, табиий манзиллари ва фаол дам олиш турларига қизиқишнинг ортиб бориши туфайли фаол ҳамда спорт туризмини ривожлантириш учун кенг имкониятларга эга. Лойиҳада кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бу йўналишни саёҳатчилар учун янада қулай, хавфсиз ва жозибадор қилиш имконини беради.

Фаол туризм мавзусининг давоми сифатида йўриқчи-йўл бошловчиларга диплом топшириш маросими ўтказилди. Бир йилдан зиёд таълим олган 35 нафар мутахассисга касбий тайёргарлик тўғрисидаги ҳужжатлар топширилди. Ўқув дастури жиҳозлардан фойдаланиш, жойни мўлжаллаш, хавфсизликни таъминлаш ва бошқа зарур кўникмалар бўйича амалий машғулотларни қамраб олган. Бундай дипломлар илк бор топширилди ва келажакда мутахассисларнинг янги гуруҳларини ўқитишни давом эттириш кўзда тутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг