Ўзбекистон фуқароси Истанбулда аёлни унинг розилигисиз суратга олгани учун қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 апрель куни Ўзбекистон фуқароси Истанбулда метро хизматида Туркия фуқароси бўлган аёлни унинг розилигисиз суратга олганидан сўнг қўлга олинди. Аёл бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган ва мазкур ҳолат бўйича эркакка нисбатан тергов ҳаракатлари бошлангани ҳақида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Эркакнинг ҳаракатлари хусусий ҳаёт дахлсизлиги бузилиши сифатида баҳоланган. Натижада, унинг ишлаш рухсати бекор қилинди ва унга нисбатан маъмурий чоралар, жумладан мажбурий депортация қилиш тартиби қўлланилмоқда.
Бош консулхона таъкидлашича, Ўзбекистон дипломатлари аралашуви туфайли у жиноий жавобгарликка тортилмаган.
Шунингдек, турк қонунчилигига кўра, бошқа шахсларни, айниқса аёлларни, уларнинг розилигисиз суратга олиш ёки видеога олиш қатъий тақиқлангани ва бундай ҳуқуқбузарлик Туркия Жиноят кодексининг 134-моддасига асосан озодликдан маҳрум этишгача бўлган жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги эслатиб ўтилди.