Ўзбекистон Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик тўғрисида ҳисобот тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 17 апрель куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКОнинг қароргоҳида Ташкилотнинг Ижроия кенгаши 221-сессиясининг пленар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2025 йил 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси 43-сессиясига тайёргарлик жараёни ҳақида батафсил ҳисобот тақдим этди.
Ҳисоботда Ўзбекистон томонидан мазкур нуфузли халқаро форумни юқори даражада ташкил этиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ташкилий ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш учун яратилган қулай шароитлар, логистика, инфратузилма ва идоралараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ижроия кенгаши аъзолари Ўзбекистоннинг сессияга сифатли тайёргарлик кўриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади ҳамда аъзо давлатлар билан фаол ҳамкорлик ва уларнинг иштирокини таъминлашга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Йиғилиш арафасида, 2025 йил 14–15 апрель кунлари ЮНЕСКО қароргоҳида аъзо давлатлар вакиллари учун махсус ахборот сессиялари ташкил этилди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари томонидан тайёргарликнинг асосий жиҳатларини қамраб олган батафсил тақдимотлар ўтказилди — соддалаштирилган виза тартиби жорий этилиши, халқаро ва ички транспорт хизматлари, конференция заллари, меҳмонхона фонди, делегациялар учун офислар, маданий ва туризм дастурлари тайёргарлиги ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, ЮНЕСКОга аъзо давлатларнинг барча минтақавий гуруҳлари вакиллари билан алоҳида маслаҳатлашувлар ўтказилиб, ташкилий масалалар ва ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКО Котибияти раҳбарияти ва вакиллари билан қатор ишчи учрашувлар ўтказиб, 43-сессия доирасида режалаштирилган тадбирларни амалий бажариш ва кейинги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.