Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ЕТТБ тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов, “Ўзсаноатқурилишматериаллари”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари ҳамда ЕТТБ вакиллари иштирок этдилар.
Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш, халқаро молиявий бозорларга чиқиш имкониятлари ҳамда бизнес ва иқтисодий тараққиётга туртки берадиган ташаббуслар муҳокама қилинди.
Жумладан, Савдо-саноат палатаси қошида ташкил этилган Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Мазкур марказ орқали маҳаллий тадбиркорлар халқаро молиявий ресурсларга чиқиш жараёнида амалий кўмак ва маслаҳатлар олиш имкониятига эгалиги таъкидланди.
Томонлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тренинглар ташкил этиш ҳамда бизнесни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни йўлга қўйиш масаласида келишиб олдилар.