Ўзбекистон терма жамоаси Қатарни йирик ҳисобда мағлуб этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига саралаш мусобақасининг учинчи босқичи якуний учрашувида Қатар терма жамоасини ишончли тарзда мағлуб этди.
Темур Кападзе шогирдлари учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ўйин назоратини қўлга олишди ва 28-дақиқага келиб Азизбек Тургунбоевнинг голи билан ҳисобни очишди. Ўйин давомида ўзбекистонлик футболчилар рақиб дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятлар яратишди, аммо уларнинг ҳаммасини голга айлантиришнинг иложи бўлмади.
86-дақиқада Италиянинг “Рома” жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов майдон эгаларининг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган биринчи дақиқада эса, захирадан майдонга тушган Игорь Сергеев бурчак тўпдан кейин рақиб дарвозасини ишғол этиб, учрашув натижасини белгилаб берди — 3:0 Ўзбекистон фойдасига.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу босқич якунланишидан бир тур олдинёқ ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финалига йўлланмани қўлга киритган эди.
2026 йилги Мундиаль 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Мексика ва Канада ҳудудларида бўлиб ўтади.