Ўзбекистон ва Эстония савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 июнь куни Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов Эстониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Яап Ора бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Тимур Раҳмонов ҳам иштирок этди.
Музокаралар чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперацияси соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Эстониянинг қулай географик жойлашуви ва инфратузилмавий имкониятлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, учинчи давлатлар бозорларига чиқиш учун ҳам кенг шароит яратади.
Эстониялик тадбиркорларнинг Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш, янги технологик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда рақамли иқтисодиёт, логистика ва «яшил» энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилишга доир ташаббусларини мамнуният билан қўллаб-қувватлашини таъкидланди.
Учрашув якунида, жорий йилнинг иккинчи чораги охирига қадар Ўзбекистон ишбилармонлар делегациясининг Эстонияга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.