Ўзбекистон ва Жанубий Корея иссиқлик таъминотини модернизация қилиш ва биоэнергетика лойиҳалари бўйича келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 12 сентябрь куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Korea District Heating Corporation (KDHC) делегацияси билан учрашди. Делегацияга бошқарув раиси Чон Ён Ги раҳбарлик қилди.
1985 йилда ташкил этилган KDHC Корея Республикасида марказлашган иссиқлик таъминоти, когенерация, совутиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш соҳасида энг йирик давлат компанияси ҳисобланади. Бугунги кунда корпорация икки миллиондан ортиқ хонадон ва ташкилотларни энергия билан таъминлаб, кенг ишлаб чиқариш ҳамда ҳудудий тармоққа эга.
Музокаралар давомида учта устувор ҳамкорлик йўналиши кўриб чиқилди: Зарафшон шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, Жиззах вилоятида биоэнергетика мажмуасини қуриш ҳамда “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида замонавий ечимларни жорий этиш. Давлат-хусусий шериклик механизмлари ва барча томонлар учун мақбул молиялаштириш моделлари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликни ривожлантиришга ўзаро тайёрлигини билдирган ҳолда, лойиҳаларни батафсил ишлаб чиқишни давом эттиришга келишиб олдилар. Уларнинг амалга оширилиши замонавий иссиқлик таъминоти тизимини яратиш, энергия самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.