Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ипакчилик соҳасидаги илмий ҳамкорлик мустаҳкамланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шухрат Отажонов бошчилигида, ҳозирда Озарбайжонда ишчи ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Озарбайжон Республикаси Миллий фанлар академияси қошидаги Шекин минтақавий илмий маркази фаолияти билан танишдилар. Учрашувда ипакчилик соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, маҳаллий тут дарахти навлари ва ипак қурти зотлари, уларнинг иқлимга мослашуви, шунингдек, селекция ва гибридлаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази таркибидаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Шекин минтақавий илмий маркази ўртасида илмий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу меморандумда икки мамлакатда мавжуд бўлган ипак қурти зотлари ва гибридларининг хўжаликдаги фойдалилигини ўрганиш, Ўзбекистонда етиштирилган тут дарахти навларини Озарбайжонда илмий мақсадларда қўллаш ва аксинча, озарбайжон навларини Ўзбекистонда тадқиқ қилиш, тажриба ва ишланмалар билан ўзаро алмашиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида тут билан озиқланмайдиган ёввойи ипак қурти турларини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқотлар, улар натижалари асосида илмий мақолалар, дарсликлар ва бошқа нашрлар тайёрлаш, зарур маълумотлар ва материаллар алмашиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар жараёнида услубий ва маслаҳат кўмаги кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, делегация аъзолари гибрид ипак қурти тухумлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган лаборатория фаолияти билан яқиндан танишдилар. Лаборатория мутахассислари қўлланилаётган замонавий технологиялар, тухум етиштириш ва саралаш усуллари, генетик назорат жараёнлари ҳамда ҳимоя чора-тадбирлари ҳақида амалий маълумотлар тақдим этдилар.
Учрашув якунида томонлар ипакчилик соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш бўйича тайёр эканликларини тасдиқладилар.