Ўзбекистонда АЭСни жойлаштириш схемаси тасдиқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 6 май куни Энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Алишер Султанов раислигида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишга бағишланган оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш самарали ва конструктив муҳитда ўтказилиб, лойиҳанинг асосий жиҳатлари ҳар томонлама муҳокама қилинди ва кейинги аниқ қадамлар белгиланди.
Йиғилиш доирасида «Атомстроекспорт» АЖ билан тузилган шартнома асосида амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати акс эттирилган тақдимот намойиш этилди. Тақдимотда лойиҳалаш босқичлари, тайёргарлик ишлари ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик масалалари атрофлича кўрсатилди. Иштирокчилар шартнома мажбуриятларининг аниқ белгиланган муддатда бажарилаётганини таъкидлаб, регламентга қатъий риоя қилиш зарурлигига тўхталдилар шунингдек, қурилиш-монтаж базасини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, жумладан, жорий тайёргарлик босқичлари ва келгуси ишлар режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ер бўлимларини ажратиш ва ташқи инфратузилмани таъминлаш масалалари кўриб чиқилди, бу эса маҳаллий ҳокимият органлари ва пудрат ташкилотлари билан фаол ҳамкорликни талаб қилади.
Илмий-техник кенгаш танланган майдонда ўтказилган муҳандислик тадқиқотлари натижаларини кўриб чиқди, бу натижалар лойиҳа ҳужжатлари учун асос бўлиб хизмат қилади ва объектнинг юқори хавфсизлик даражасини таъминлайди. Йиғилиш давомида Жиззах вилояти Фориш туманида кичик қувватли атом станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланди, бу лойиҳани минтақавий эҳтиёжларга мослаштириш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни оптималлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг табиий уран ресурсларидан ядро ёқилғиси ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти муҳокама қилинди, бу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лойиҳа ҳужжатларининг юқори сифатини ва халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида томонлар ўртасида мунтазам ишчи йиғилишлар ўтказиб келинмоқда. Ушбу йиғилишларда узоқ муддатли ишлаб чиқариш даврига эга ускуналар учун техник талаблар, муҳандислик тадқиқотларини ўтказиш ва янгилаш учун техник топшириқлар ва дастурлар, шунингдек лойиҳа жадваллари ва ҳужжатлар келишилмоқда. Станция жойлашадиган майдонда табиий муҳит компонентлари бўйича узлуксиз кузатувлар давом эттирилмоқда, жумладан, сейсмик мониторинг, аэрометеорологик, гидрогеологик ва гидрологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Олинган маълумотлар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида экспертизадан ўтказиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, лойиҳани амалга ошириш учун ишончли асос яратади.
Йиғилиш барча иштирокчиларнинг кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади. Ушбу лойиҳа мамлакат энергетика соҳасини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич ҳисобланади. Иштирокчилар белгиланган мақсадларга эришиш учун биргаликда ишлашни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Эслатиб ўтамиз, ушбу штаб Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига кўра лойиҳа иштирокчиларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш ва кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.