Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилиши режалаштирилмоқда, келаси йил эса ёшларни касбга ўқитиш йили деб эълон қилинди.
Бу ҳақда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва кейинги устувор йўналишларга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз юритилди. Маълумотга кўра, жорий йилда 9-синфни 608 минг нафар ўқувчи тамомлади, бироқ техникум ва коллежларга атиги 182 минг киши ўқишга кирди, бу битирувчиларнинг учдан бир қисмидан ҳам камини ташкил этади. Шу билан бирга, мамлакатда 598 та шундай ўқув муассасаси фаолият кўрсатмоқда, уларда 450 минг нафаргача талабани қабул қилиш имконияти мавжуд.
Ёшларни касбий таълимга кенгроқ жалб этиш мақсадида Президент янги агентлик ташкил этиш ва келаси йилга қадар ўрта махсус касбий таълим қамровини 50 фоизга етказиш вазифасини топширди. Шунингдек, мутасадди раҳбарларга ҳар бир техникумда халқаро стандартларга мос замонавий шароитлар яратиш орқали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш вазифаси юклатилди.
Бундан ташқари, яқин бир ой ичида мамлакатнинг олис ҳудудларида ўқувчиларни таълим муассасаларига олиб бориш учун 100 та бепул мактаб автобуси иш бошлайди.
#Шавкат Мирзиёев