Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун $100 миллионлик EEFU фонди ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида янги инвестиция платформаси — «Ўзбекистонда иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси» (EEFU) тақдим этилди. Жамғарманинг умумий молиялаштириш ҳажми 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Жамғарма халқаро инвестиция компанияси SEAF томонидан бошқарилади ҳамда Ислом тараққиёт банки гуруҳи, Саудия тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси каби йирик молия институтлари кўмагида амалга оширилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади — исломий (ҳалол) молия инструментлари орқали кичик ва ўрта бизнес (МҲС) учун молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
SEAF бошқарувчи директори Ян Черим ўз нутқида таъкидлашича, кичик ва ўрта бизнес ҳар қандай иқтисодиёт пойдевори бўлиб, иш ўринлари яратиш, янги ғояларни шакллантириш ва инновацияларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.
У, шунингдек, Ўзбекистонда исломий молиявий маҳсулотларга бўлган қизиқиш барқарор ўсиб бораётганини қайд этиб, бу соҳани янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Жамғарма маблағлари шариат қоидаларига мувофиқ равишда йўналтирилади ва бунинг учун Ўзбекистондаги банк тизимидан фойдаланилади.