Валюта курслари 13/06/2025
$1 – 12705.79
UZS – 0.47%
€1 – 14704.41
UZS – 1.68%
₽1 – 159.20
UZS – -1.04%
Қидириш
Молия 11/06/2025 Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик бўйича кенгаш тузилади — Мирзиёев

Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик бўйича кенгаш тузилади — Мирзиёев

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик бўйича кенгаш ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтаётган IV Халқаро инвестиция форумида маълум қилди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки томонидан мамлакатда банк сектори, суғурта тизими ва капитал бозорида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўлиқ қўллаб-қувватланган.

«Яқинда биз Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон молия сектори ҳолатининг илк батафсил таҳлилини амалга оширдик. Ҳамкорларимиз томонидан банк тизими, молия сектори, суғурта ва фонд бозоридаги ислоҳотларимизга тўлиқ қўллаб-қувватлаш билдирилди», — деди Президент.

У таъкидлашича, ушбу соҳаларни янада ривожлантириш мақсадида мамлакатда Молиявий барқарорлик бўйича кенгаш ташкил этилади, шунингдек, Марказий банк ҳузурида киберхавфсизлик ва финтех масалалари бўйича махсус платформалар фаолият юритади.

Президент суғурта тизимидаги ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, Миллий қайта суғурта компанияси ташкил этилаётгани ва Глобал рақамли қайта суғурта платформаси ишга туширилаётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Президент альтернатив молия инструментларини ривожлантиришга — хусусан, венчур инвестицияларига — катта эътибор қаратди.

«Стартаплар учун молиялаштиришнинг альтернатив манбалари — венчур инвестициялари — жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон тарихида илк бор иккита маҳаллий стартап қиймати бир миллиард доллардан ошиб кетди. Бундай компаниялар сонини кўпайтириш ниятимиз бор», — деди Мирзиёев.

Шунингдек, альтернатив инвестиция фондлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва кейинги беш йилда венчур ҳамда бошқа альтернатив инвестицияларнинг ҳажмини бир миллиард долларга етказиш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг