Ўзбекистонда «Organiс» ва «GlobalGAP» стандартлари бўйича янги марказ иш бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Туркиянинг нуфузли “Eco Inspect” компанияси ҳамкорлигида «Organic» ва «GlobalGAP» стандартлари талабларини жорий этиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона бўлган “ACS BIO CERTIFICATION MMC” халқаро сертификатлаш маркази ташкил қилинди ва Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида махсус ўқув курслари фаолият бошлади.
Туркиялик тажрибали мутахассислар Мустафа Четинкая ва Камил Қоратош раҳбарлигида ўтказилган семинар-тренинглар «GlobalGAP» ва «Organic сертификатлаш талаблари, дала шароитларида синов ва аъзолик мезонлари каби муҳим мавзуларни ўз ичига олди.
Мутахассислар имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, гувоҳномаларга эга бўладилар ва эндиликда юртимиз маҳсулотларини жаҳон бозорига сифатли ва рақобатбардош тарзда олиб чиқишда муҳим роль ўйнашади.