Ўзбекистонда шамол турбиналари ва винт лопастларини ишлаб чиқариш локализация қилинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда шамол генераторлари учун турбина ва лопастларни ишлаб чиқаришни локализация қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ACWA Power компаниясининг Марказий Осиё бўйича президенти Абид Малик Тошкент халқаро инвестиция форумида маълум қилди.
У таъкидлашича, ACWA Power кўплаб таъминловчилар билан ҳамкорлик қилади ва мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбаларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга маҳаллий корхоналарни жалб этишга интилмоқда. Шу билан бирга, компания уларга техник кўмак ҳам тақдим этмоқда.
Абид Малик маълум қилишича, Қорақалпоғистонда 200 мегаватт қувватга эга шамол электр станцияси қурилиши лойиҳаси доирасида компания турбина ишлаб чиқарувчи таъминловчига ушбу маҳсулотни бевосита Ўзбекистонда ишлаб чиқариш вазифасини қўйган.
«Бизнинг таъминловчимиз яқин вақт ичида мамлакат ҳудудида шамол турбиналари ва лопасталарини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда», — деб қўшимча қилди у.