Қонунчилик палатаси “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилди — UzDaily.uz
Валюта курслари 10/09/2025
$1 – 12355.14
UZS – -0.68%
€1 – 14539.53
UZS – -0.3%
₽1 – 148.48
UZS – -2.23%
Қидириш
Қонунчилик палатаси “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилди

Қонунчилик палатаси “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилди

Қонунчилик палатаси “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.

Лойиҳа билан шаҳарсозлик реновацияси асослари ва мақсадлари, мажбурий шартлари, асосий принциплари, реновация босқичлари, бу борада лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби, соҳада давлат бошқаруви асослари белгиланмоқда.

Шаҳарсозлик реновацияси лойиҳасини бошлаш учун барча ҳуқуқ эгалари билан нотариал тартибда келишув битими имзоланиши назарда тутиляпти. Яъни, ҳеч ким реновацияда иштирок этишга мажбурланмаслиги ҳамда реновация ихтиёрийлик принципига асосланиши мустаҳкамланяпти.

Лойиҳада хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, давлат хусусий мулкнинг сақланишини таъминлаш учун барча зарур шароитларни яратиши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини бузишига йўл қўйилмаслиги қатъий кафолатланмоқда. Шаҳарсозлик реновациясини амалга оширишда эса ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйиляпти.

Шунингдек, шаҳарсозлик реновацияси доирасида ҳуқуқ эгасининг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда хусусий мулк ҳуқуқини ҳамда ер эгасининг ерга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш борасида юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар ҳуқуқ эгасининг фойдасига талқин этилиши акс этмоқда.

Бундан ташқари, реновация лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига киритиш билан бир вақтда “Шаҳарсозлик реновацияси” электрон платформаси, ОАВ, расмий веб-сайтлар ва жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда.

Мажлисда лойиҳада назарда тутилаётган нормалар ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолини янги, хавфсиз, замонавий, энергосамарадор, хонадонлар билан таъминлаш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани яратиш, ҳудуднинг архитектура қиёфаси замонавийлашуви ва инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг