Самарқанд Қозоғистондан янги авлод электр автобусларини етказиб беришни кўриб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда Қозоғистондан янги авлод электр автобусларини етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди.
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ва Қозоғистоннинг “FALCON MURAT ADILXAN” бренди остида замонавий электробуслар ишлаб чиқарадиган “Falcon Euro Bus” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Корхона раҳбари узунлиги 9 метрдан 18 метргача бўлган шаҳар, шаҳарлараро, сайёҳлик ва аэропорт автобусларининг тақдимотини ўтказди.
Автобуслар 70% Олмаотада йиғилган, баъзи бутловчи қисмлар Европа ва Хитойдан келтирилган. Электр автобуслари бир зарядда 300-350 км масофани босиб ўтади. Бу тахминан олти соат ишлашга тўғри келади.
Адиз Бобоев Қозоғистон делегациясининг йўловчи ташиш билан шуғулланувчи самарқанлик тадбиркорлар билан учрашувини ташкил этиш таклифини берди.
Учрашувда томонлар Самарқандда экологик тоза транспортни жорий этиш ва "яшил иқтисодиёт" соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.