Самарқанд ва Франция ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув ўзаро ҳурмат ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, манфаатдорлик муҳитида ўтди.
Томонлар Франция Президентининг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этдилар. Эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш, стратегик шерикликни аниқ мазмун билан тўлдириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар чоғида қатор муҳим тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшма дастурларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди. Замонавий шаҳарсозлик инфратузилмасини, хусусан, трамвай йўли тармоқларини ривожлантиришга оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Мулоқотда қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш хусусида тўхталиб ўтилди. Вилоят қишлоқ хўжалигига илғор француз технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув кун тартибида тарихий-маданий меросни тиклаш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу берилди. Валид Фук Франция томони минтақада жойлашган ноёб меъморий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва реставрация қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олишди.