Саудиянинг ACWA Power компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан 5 миллиард долларлик янги келишувни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан 5 миллиард долларлик янги келишув имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сумендра Раут Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу компаниянинг кенг кўламли инвестиция стратегиясининг бир қисми бўлиб, умумий сармоя ҳажмини Ўзбекистонда 15 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Раут таъкидлашича, ACWA Power бугунги кунда мамлакатнинг энергетика соҳасидаги энг йирик инвестори ҳисобланади. Компания ҳозиргача умумий қиймати 5 миллиард долларга тенг бўлган 19 лойиҳани амалга оширган, шундан саккизтаси қайта тикланувчи энергетика соҳасига тўғри келади.
«Биз эришилган натижаларда тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Бизнинг мақсад — инвестициялар ҳажмини ошириш. Форум доирасида ҳукумат билан яна 5 миллиард долларлик янги келишувни имзолашни режалаштирмоқдамиз», — деди Раут.
У шунингдек, барқарор иқтисодий ўсиш учун исломий молия инструментларининг аҳамиятини қайд этди, айниқса, кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) секторида. Унга кўра, шариатга мос молия механизмлари анъанавий инструментларга нисбатан КЎБни чуқурроқ ва самаралироқ қўллаб-қувватлаши мумкин. «Биз ўз тажрибамиз билан Ўзбекистон билан ўртоқлашишга ва инклюзив молия тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрмиз», — дея қўшимча қилди у.