СМТИ ва Американинг "Love Your Neighbor Community" ННТ ўртасида Меморандум имзоланди — UzDaily.uz
Валюта курслари 10/09/2025
$1 – 12355.14
UZS – -0.68%
€1 – 14539.53
UZS – -0.3%
₽1 – 148.48
UZS – -2.23%
Қидириш
СМТИ ва Американинг "Love Your Neighbor Community" ННТ ўртасида Меморандум имзоланди

СМТИ ва Американинг "Love Your Neighbor Community" ННТ ўртасида Меморандум имзоланди

СМТИ ва Американинг "Love Your Neighbor Community" ННТ ўртасида Меморандум имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Тошкентда "Декларациялар мулоқоти" II халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Форумда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиё давлатлари каби 15 та мамлакатдан 50 га яқин етакчи диншунос, илоҳиётшунос, эксперт ва юқори мартабали шахслар иштирок этмоқда.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, ИҲТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Юсуф Алдобей, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, LYNC вакили Крис Сайпл, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник тадбир очилишида нутқ сўзладилар.

Форум давомида СМТИ ва Американинг "Love Your Neighbor Community" (LYNC) нодавлат ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни илгари суриш бўйича келгусида биргаликда иш олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратади. Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йилда илгари сурилган БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюциясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.

Меморандум имзоланишини шарҳлар экан, LYNC раҳбари Уэйд Кюзак "СМТИ билан ҳамкорлик шунчаки яхши ғояларни муҳокама қилиш эмас, балки бу ғоялар жамиятда қандай амалга оширилиши мумкинлиги ва амалга оширилиши кераклигини амалий ривожлантиришдан иборат"лигини таъкидлади. Шу нуқтайи назардан, унинг сўзларига кўра, Тошкентдаги "Декларациялар мулоқоти" форуми шунчаки суҳбат эмас, балки Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш соҳасидаги моделларини амалда жорий этишдир.

Эслатиб ўтамиз, Форум СМТИ томонидан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида LYNC билан ҳамкорликда ташкил этилди.

LYNC – 2017 йилда АҚШда ташкил этилган. Давлат органлари, фуқаролик ташаббуслари ва диний жамоалар билан ҳамкорликда LYNC виждон эркинлиги, масъулиятли фуқаролик, ўзаро ишонч ва турли ижтимоий гуруҳларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг