Суданда ҳарбий самолёт қулаши натижасида камида 45 киши ҳалок бўлди
(Cурат: Reuters )
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Суданнинг Омдурман шаҳрида ҳарбий самолёт қулаши оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага ҳаво кемасидаги техник носозлик сабаб бўлган. Самолёт парвоздан кўп ўтмай қулаган ва турар-жой уйига тушган. Натижада, фақатгина бортда бўлган ҳарбийлар ва экипаж аъзолари эмас, балки вайрон бўлган бинода бўлган тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлган.
Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Фавқулодда ҳолатлар хизмати ходимлари вайроналарни тозалаяпти ва жабрланганларга ёрдам кўрсатмоқда.
Манбаларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Хартум ҳарбий округининг собиқ қўмондони генерал Бахар Аҳмед ҳам бор.
Судан ҳукумати авиаҳалокатнинг аниқ сабабларини аниқлаш учун текширув ўтказмоқда.