Тошкентда Ўзбекистон-Болгария бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11 июнь куни Тошкент шаҳрида Болгария Республикаси Президенти Румен Радевнинг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон–Болгария бизнес-форуми ҳамда G2B ва B2B форматларидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакатдан 200 дан ортиқ ишбилармонлар иштирок этди.
Форумда Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари тақдим этилди. Президент Румен Радев мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Музокараларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, учинчи бозорларга чиқиш, шунингдек, юқори технологиялар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ривожлантириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар. Форум якунида қурилиш, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, нефть-кимё ва логистика соҳаларида бир қатор келишувлар имзоланди ҳамда ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг кейинги босқичлари белгилаб олинди.