Тошкентда “Яшил фан ва инновациялар куни”: Барқарор агроозиқ-овқат тизимларини намойиш этди — UzDaily.uz
Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Тошкентда “Яшил фан ва инновациялар куни”: Барқарор агроозиқ-овқат тизимларини намойиш этди

Тошкентда “Яшил фан ва инновациялар куни”: Барқарор агроозиқ-овқат тизимларини намойиш этди

Тошкентда “Яшил фан ва инновациялар куни”: Барқарор агроозиқ-овқат тизимларини намойиш этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Яшил фан ва инновациялар куни”ни ўтказди. Тадбирда 200 га яқин иштирокчи – ёшлар, олимлар, сиёсатчилар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этиб, агроозиқ-овқат тизимларини янада яшил келажак сари ўзгартираётган илмий ютуқлар ва инновацион ечимлар билан танишдилар.

Ушбу ташаббус Ўзбекистонда 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилинганига ҳамоҳанг тарзда ташкил қилинди. Бу мамлакатнинг иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва барқарор бўлмаган қишлоқ хўжалиги амалиётларига қарши қатъий саъй-ҳаракатларини тасдиқлади. Тадбир, шунингдек, ФАО Яшил қишлоқ хўжалиги бўйича Минтақавий техник платформаси, ФАО Илм-фан ва инновациялар форуми ҳамда Европа ва Марказий Осиё учун Минтақавий фан ва инновациялар ҳафталиги каби глобал ва минтақавий ташаббуслар билан уйғун ҳолда ўтказилди. Бу ташаббуслар илм-фан ва инновацияларнинг барқарор ва инклюзив агроозиқ-овқат тизимларини шакллантиришдаги муҳим ўрнини ёритади.

Тадбир давомида илғор ташаббуслар ва технологиялар тақдим этилди. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агро-саноатни рақамлаштириш маркази томонидан «Агроплатформа» ахборот тизими, Тошкент давлат аграр университетининг биоконтролга асосланган барқарор ўсимликларни ҳимоя қилиш усуллари, шунингдек, «Ўзбеккосмос» томонидан қишлоқ хўжалигида дронлар ва космик технологияларни қўллаш имкониятлари. ФАО Ўзбекистондаги илмий-инновацион тажрибаси билан бўлишди, БМТ Кўнгиллилари эса ёшларнинг фаол иштироки ва кўнгиллиликнинг аҳамиятини таъкидлади.

Интерактив машғулотлар, жумладан, яшил фан, инновациялар ва ФАО фаолияти бўйича билим викторинаси ёшларнинг фаол қатнашишини рағбатлантирди ва билимларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Викторина ғолиблари ёпилиш маросимида тақдирланди.

Қайд этилгандек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ФАОнинг асосий мандатида муҳим ўрин тутади ва бу жараёнда ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Инновацион усулларга асосланган ер ресурсларини барқарор бошқариш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг озиқавий қийматини ошириш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатишга ёрдам беради. “Яшил фан ва инновациялар куни” эса миллий ва маҳаллий даражада билим алмашиш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилишни кучайтириб, Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ҳамкорлик ва ресурсларни сафарбар этишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг