Туркиянинг “Studio Verebra” компанияси ва Жаҳон банки вакиллари билан ишлаб чиқилаётган мастер-режалар юзасидан фикр алмашилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 июнь куни Туркиянинг “Studio Verebra” фирма раҳбарлари Генсер Ялсин ва Меҳмет Бекташ, Жаҳон банкининг урбанизация бўйича катта мутахассиси Муҳаммад Нада ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов иштирокида ҳудудларда аҳоли яшаши, дам олиши ва сайр қилиши учун шароитлар яратиш ҳамда «яшил» ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
“Studio Verebra” — 2009 йилда Истанбулда ташкил этилган етакчи архитектура ва дизайн компанияси бўлиб, урбанистик лойиҳалардан тортиб, ички дизайнигача кенг миқёсда хизмат кўрсатади. Компания экологик барқарорлик ва маданий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда замонавий, барқарор ва минтақанинг эҳтиёжларига мос ечимларни ишлаб чиқишга ихтисослашган.
Учрашувда мастер-режаларни ишлаб чиқиш жараёнидаги илғор халқаро тажрибалар, методологик ёндашувлар ва Ўзбекистонда ушбу режаларнинг амалиётга жорий этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, Қўнғрот туманида мастер-режа асосида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди. Жумладан, туманнинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берувчи муҳитни яратиш, савдо ва хизмат турларини кенгайтириш шунингдек, аҳолининг яшаш сифати ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мастер-режалар орқали инфратузилмани модернизация қилиш, аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда. Айниқса, яшил инфратузилма, рақамли трансформация ва экологик барқарорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.