Хитой Ўзбекистондан қуритилган сабзавотларни импорт қилишни бошлади
Хитой Ўзбекистондан қуритилган сабзавотларни импорт қилишни бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой ҳукумати Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондан 10 турдаги қуритилган сабзавотларни импорт қилишга рухсат берди.
Май ойи бошида идора вакиллари ҳукумат делегацияси таркибида Хитойга ташриф буюрган. Ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси билан музокаралар ўтказилиб, натижада қатор маҳсулот турлари бўйича фитосанитар рухсатномалар расмийлаштирилган.
Импорт қилишга рухсат берилган қуритилган сабзавотлар рўйхатига сабзи, лавлаги, помидор, турп, бақлажон, кабачки, қовоқ, пиёз, саримсоқ ва кўкатлар киритилган.
Мазкур маҳсулотларни экспорт қилиш учун ўзбекистонлик корхоналар Хитой томони тасдиқлайдиган импортёрлар рўйхатига киритилиши лозим. Шунингдек, фитосанитар сертификат мавжудлиги ҳамда карантин зараркунандалари ва организмлари йўқлиги тасдиқланиши мажбурий шарт ҳисобланади.
Аввалроқ, апрель ойида Покистон ҳукумати Ўзбекистондан янги олма, лимон, анжир ва аччиқ қалампир етказиб беришга сақлаш ва қадоқлаш талабларига риоя қилинган ҳолда рухсат берган эди. Шундан сўнг Покистонга экспорт қилишга рухсат берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари сони 29 тага етган.