Хитойнинг Чанша шаҳрида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” роадшоу бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 28 апрель куни "Хитойда Ўзбекистон туризм йили" доирасида Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида Хунан провинциясининг Чанша шаҳрида "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" номли роадшоу-тадбирини ўтказди. Тадбир хитойлик сайёҳларни жалб этиш ва давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш орқали туризмни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Тадбирда 80 дан ортиқ йирик сайёҳлик компаниялари, шунингдек, Хитойнинг Хунан провинциясидан меҳмонхона бизнеси ва авиакомпаниялар вакиллари иштирок этдилар.
Меҳманларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, янги туристик маҳсулотлар ва йўналишлар тақдим этилди, шунингдек, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан келган ижодий жамоаларнинг чиқишлари намойиш қилинди.
Роадшов якунида икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасида B2B учрашувлари ўтказилди. Ушбу музокаралар давомида Хитойнинг Хунан провинциясидан сайёҳларни қабул қилишни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.