Хива шаҳрида “Pahlavon Mahmud - strongmen games” халқаро турнири бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 12 июнь куни Хива шаҳрида “V International Pahlavon Mahmud Strongmen Games” халқаро турнирига старт берилди.
Куннинг дастлабки биринчи ярмида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм қўмитаси, Хоразм вилояти ва Хива шаҳар ҳокимликлари, Халқаро Стронгмен федерацияси расмийлари, спортчилар, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
20 га яқин давлатдан ташриф буюрган спортчилар дастлаб 2 та йўналишда ўз омадини синовдан ўтказади.
Ушбу нуфузли мусобақанинг биринчи босқичида алп қомат йигитлар биринчи марта 200 килолик қумдан тайёрланган юкламани Қўқон аравасига юклаб, 20 метрга ким тез олиб келиш бўйича беллашаяпти.
Умуман олганда, ушбу турнирда полвонларнинг нафақат кучи, балки эпчилллиги, чаққонлиги ва бардошлилиги ҳам синовдан ўтказилади.