Хусусийлаштириш, логистика, стартаплар: ЕТТБ Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича минтақавий директори Ҳусейн Озҳан ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқалари, ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва истиқболдаги режалар, мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар юзасидан муҳокамалар олиб борди. Хусусан:
· Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш тенденциялари, жумладан, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, инфлация даражаси барқарорлигини таъминлаш;
· Энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва уларнинг самарадорлигини ошириш;
· Давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш юзасидан олиб борилятган ишлар ва уларнинг натижалари;
· Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, жумладан, сунъий интеллект ва стартуп лойиҳалари кўламини кенгайтириш;
· Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика соҳасини қўллаб-қувватлаш;
· Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари;
· Яшил ўсишни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, ижтимоий объектларни яшил энергия билан таъминлаш, замонавий энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш;
· Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
· Уй-жой бозорини молиялаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда фикр алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.