Валюта курслари 16/06/2025
$1 – 12760.21
UZS – 0.43%
€1 – 14704.87
UZS – 0.0%
₽1 – 160.08
UZS – 0.55%
Қидириш
Ўзбекистон 11/06/2025 Захарова: Россия Ўзбекистон нотасида келтирилган маълумотларни кўриб чиқмоқда

Захарова: Россия Ўзбекистон нотасида келтирилган маълумотларни кўриб чиқмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ТАСС ахборот агентлигига берган изоҳида, Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан юборилган нота мазмуни Россия томонидан диққат билан ўрганилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек томони йўллаган расмий мурожаат тегишли идораларга етказилган ва текширилган, холис маълумотлар белгиланган тартибда ўзбек ҳамкорларига тақдим этилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Россия ҳудудида ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан тинтувлар ўтказилиши ва эҳтимолий ноқонуний муомалалар юзасидан Тошкентда жиддий хавотир пайдо бўлганини маълум қилган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон элчихонаси Россия томонига расмий нота юбориб, тушунтириш сўраган.

«Нота қабул қилинганидан сўнг, унда баён этилган маълумотлар атрофлича ўрганилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа ваколатли идоралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа каналлари мавжуд. Иттифоқдошлар ўртасида бу каби масалалар очиқча муҳокама қилинади, ҳар бир сигнал синчиклаб кўриб чиқилади. Ўзбек томонининг мурожаати тегишли органларга юборилган, тўпланган объектив маълумотлар ўз вақтида Тошкентга етказилади», — деди Захарова.

Шунингдек, у Россия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик мавжудлигини таъкидлаб, Москва икки томонлама кун тартибидаги масалаларга айнан шу нуқтаи назардан ёндашишини қўшимча қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг