Чимёнда қутқарувчилар жароҳатланган сайёҳга ёрдам берди
Чимёнда қутқарувчилар жароҳатланган сайёҳга ёрдам берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари «Катта Чимён» тоғида сайр вақтида жароҳат олган сайёҳга ёрдам кўрсатди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 24 май куни соат 14:05 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига туристик юришга чиққан ўн нафар фуқародан бири йиқилиб жароҳат олгани ва ёрдамга муҳтож экани ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига зудлик билан Чимён қутқарув отряди ходимлари етиб борди. Жабрланган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, денгиз сатҳидан тахминан 2300 метр баландликдан хавфсиз тарзда эвакуация қилинди.
Шундан сўнг фуқаро тез тиббий ёрдам ходимларига топширилди.
ФВВ маълумотига кўра, айни вақтда жабрланганнинг аҳволи яхши деб баҳоланмоқда.