Наманган ва Эрон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Наманган ва Эрон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 65-Халқаро гуллар фестивали доирасида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Али Искандарий билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, саноат, балиқчилик, текстиль, дори-дармон ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар етиштириш ва экспорт қилиш йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Эроннинг Ғилон вилояти Рашт шаҳри тадбиркорлари билан тўғридан-тўғри савдо алоқаларини йўлга қўйиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Эрон бозорига олиб чиқиш, айниқса текстиль маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар мазкур учрашув икки давлат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлаб, келгусида амалий ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олдилар.