Ўзбекистон Сенати болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтирди
Ўзбекистон Сенати болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг15-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга, айниқса хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур Қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда “боланинг энг устун манфаатлари” тушунчасининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда ва у болага тааллуқли ҳар қандай масалани ҳал этишда устувор мезон сифатида қайд этилмоқда.
Оила кодексига киритилаётган тегишли ўзгартиришлар билан оилада бола манфаатига оид ҳар қандай масала кўрилаётганда бола ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда.
Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб, судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар тақдим этиш, суд мажлисларида ўзининг ваколатли вакили орқали иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни махсус марказларга жойлаштириш билан боғлиқ ижтимоий кафолатлар аниқлаштирилиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказга жойлаштирилганлигига бир ойдан ортиқ бўлмаган даври унга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун болалар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб бериб, жамиятда инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.