Ўзбекистон Сенати судга мурожаат қилишни соддалаштирди
Ўзбекистон Сенати судга мурожаат қилишни соддалаштирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда.
Экстерриториал судлов тартибининг жорий этилиши асосий янгиликлардан бири ҳисобланади. Эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлар ўзлари истаган тегишли судга мурожаат қилиши учун имконият яратилади. Маъмурий судларда “дастлабки эшитув” институти киритилмоқда, бу эса ишларни судда кўриш сифатини оширади.
Қонунда давлат органларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, “ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси” принципи мустаҳкамланмоқда, яъни давлат органининг хатоси учун жавобгар тадбиркор эмас, балки ўша орган бўлишини англатади.
Иқтисодий судлар тизими ҳам мақбуллаштирилиб, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ўрнига туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши инвестиция муҳитини яхшилашга, коррупциявий омилларни камайтиришга ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.