Ўзбекистон Сенати рақамли маҳсулотларни ёрлиқлаш тизимини мустаҳкамлашни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати рақамли маҳсулотларни ёрлиқлаш тизимини мустаҳкамлашни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар “Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.
Сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда асоссиз текширувларнинг олдини олишга қаратилган муайян ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолини сифатли истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда маҳсулотлар ноқонуний равишда ишлаб чиқарилиши ва муомалага киритилишининг олдини олиш учун қонунчиликда белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш ва ушбу маҳсулотларнинг айланмасини кузатиб бориш тизимини янада кучайтириш зарурати юзага келмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида товарларни маркировкалаш истеъмолчиларни сифатсиз, сохта маҳсулотларни сотиб олишдан ҳимоялашга мўлжалланганлигини ва маркировканинг мавжудлиги ишлаб чиқарувчини қонун нормалари ва сифат стандартларига қатъий риоя этишга ундашини билдирди.
Қонун билан Солиқ кодексига товарларни (маҳсулотларни) мажбурий маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисида икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан кейин масофавий солиқ текширувини ўтказишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, Қонунда масофавий солиқ текширувини ўтказиш 5 кун муддат бўлганлиги ҳамда далолатнома электрон ҳужжат кўринишида расмийлаштирилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, Қонун қабул қилиниши хуфиёна айланма ва яширин иқтисодиётнинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини қисқартириш, аҳолига сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотларни (спиртли ичимлик, тамаки маҳсулоти, дори воситалари, салқин ичимлик ва бошқалар) реализация қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.