Ўзбекистон Сенати маъмурий жавобгарликни кучайтирди

Ўзбекистон Сенати маъмурий жавобгарликни кучайтирди

Ўзбекистон Сенати маъмурий жавобгарликни кучайтирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Ушбу Қонун жамиятда адолат ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд тизими шаффофлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида Кодекс янги 178²-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки алмаштирилганлиги ҳақида харидорни хабардор этмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бу норма истеъмолчиларнинг товар ҳақида ҳаққоний ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бўлиб, иккиламчи автомобиль бозоридаги ноҳалол амалиётларга чек қўяди.

Қонуннинг яна бир муҳим йўналиши – вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Эндиликда вояга етмаган шахслар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриш жараёнида педагог ёки психологнинг иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда.

Бу вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатини инобатга олиш, уларга нисбатан босим ўтказилишининг олдини олиш ва халқаро стандартларга мос равишда бола манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини яратади.

Шунингдек, Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритишда “рад қилиш” ва “ўзини ўзи рад этиш” институти илк бор тизимлаштирилмоқда. Бу эса судья ёки бошқа ваколатли шахснинг ишга бўлган манфаатдорлигини бартараф этиш ва қарорларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилади.

Транспорт воситасини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Мазкур масала эндиликда фақат суд томонидан аниқ белгиланган шартлар асосида кўриб чиқилади. Агар шахс муқаддам ушбу имтиёздан фойдаланган бўлса ёки жазо муддати давомида такроран ҳуқуқбузарлик содир этса, унга нисбатан бундай енгиллик қўлланилмайди.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши маъмурий жавобгарлик тизимини инсонпарварлик ва адолат принциплари асосида ислоҳ қилишга хизмат қилади.

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг